uz ru Қидириш
+7 495 150 60 10

Иш қидириш
ва ишга расмий жойлашиш

РФда норасмий ишлаш — жиддий қонунбузарлик. Ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиш ҳамда ўзини кераксиз хавфлардан халос этиш муҳимдир.

Ишга жойлашишда оддий маслаҳатлар ёрдам беради:

  • расман жойлашгач, ишланг: ишлаш учун патент хоҳ жисмоний шахслар қўлида, хоҳ фирмага жойлашиш ҳуқуқини беради. Иш берувчи ҳамда Сизнинг ўртангиздаги муносабатлар меҳнат шартномаси билан тасдиқланган бўлиши керак. Иш берувчи унинг нусхасини иш бошлаганингиздан кейин 3 кун ичида Россия ИИВ ББнинг Москва шаҳрида мухожирлар масаласи бўйича бошқармасига жўнатиши керак. Сиз ҳам худди шунингдек, Россия ИИВ ББнинг Москва шаҳрида мухожирлар масаласи бўйича бошқармасига шахсан ёки почта орқали меҳнат шартномасининг нусхасини патент олган кунингиздан кейин 2 ой ичида тақдим қилишга мажбурсиз;
  • ўз иш берувчингизни ким эканини билинг: Сиз ўзингиз ишлаётган фирманинг номини ва манзилини, алоқа учун бевосита раҳбарингиз ҳақида маълумотлар (фамилияси, исми ва телефон)ни АЛБАТТА билишингиз керак; бу маълумот мабодо ўз ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш керак бўлиб қолса, иш ҳақингизни талаб қилиш зарур бўлиб қолган ҳолатда фойдали бўлади;
  • воситачиларга мурожаат қилманг: эҳтиёт бўлинг — воситачилар Сиздан бепул ишчи кучи сифатида фойдаланишлари мумкин.

2016 йил 1 январдан эътиборан заём меҳнат (иш берувчи томонидан ўз ишчиларини меҳнат муносабатларини расмийлаштирмасдан бошқа ташкилотларга юбориш) Россияда тақиқланган. Фақат бандлик агентлиги сифатида рўйхатдан ўтган хусусий фирмалар ўз ишчилари меҳнатини бошқа ташкилот ёки жисмоний шахсларга тақдим этиш ҳуқуқига эгалар. Бироқ бунда улар қуйидагиларга мажбур:

  • чет эллик ишчи билан тузиладиган шартномада учинчи томоннинг ишини бажариши мумкин эканини кўрсатишга;
  • учинчи томоннинг ишини бажаришга юборилаётганда ишчи билан қўшимча битим тузишга.

Агар Сиз хусусий бандлик агентлигига мурожаат қилган бўлсангиз, албатта шуни назорат қилинки, бу шартлар албатта Сизнинг меҳнат шартномангизда кўрсатилсин:

  • иш берувчи билан шартнома тузинг: фуқаролик-ҳуқуқий ёки меҳнат шартномасини тузиш Сизга ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишга, ижтимоий кафолатлар олишга, ўз мажбуриятларингизни аниқ билишга, зарур бўлганда, қаерда, қачон айнан кимнинг қўлида ишлаганингизни исботлашга ёрдам беради. Иш берувчи Сиз билан шартнома тузишга ва бу шартноманинг нусхасини Сизга беришга МАЖБУР;
  • маошингиз ҳажми ва шартларини аниқ гаплашиб олинг: Сизга қанча тўлашлари керак ва айнан қайси иш учун эканини билишингиз керак. Пулни Сизнинг номингизга очилган махсус банк картасига ёки бухгалтериядан шахсан ўзингиз имзо қўйиб олишингиз керак. Сизга қанча ҳақ тўлаётганларини билиш учун бухгалтериядан ҳисоб-китоб варағини талаб қилишга ҳақлисиз. Ҳар қандай пулли ишлар ҳужжат орқали тасдиқланган бўлиши керак. Агар Сизга пул беришлари керак бўлса, иш берувчидан ўзингизда сақлаётган тилхатни талаб қилинг;
  • имзо қўяётган ҳамма қоғозингизни диққат билан ўқинг, Сизга ҳам битта нусхасини беришларини талаб қилинг: агар Сизга имзо қўйиш учун ниманидир таклиф қилсалар — шартнома, табель, тилхат ва ҳ. — Сиз имзолаётган нарсангизга тўлиқ рози бўлишингиз керак. Агар қоғоздаги маълумот шахсан Сизга тегишли бўлса, Сизга ҳам нусхасини беришларини талаб қилинг. Агар шартнома, хабарнома ёки бошқа ҳужжатларнинг мазмуни ва шартлари билан рози бўлмасангиз, уларни имзоламасликка ҳақлисиз;
  • иш берувчига ўз ҳужжатларингизни берманг: Сиздан бошқа ҳеч ким Сизнинг паспортингиз, патент, страховка, меҳнат шартномангизнинг нусхаси ва бошқа ҳужжатларни сақлашга ҳақли эмас, шунингдек, Сизнинг ҳаракатланиш эркинлигингизни чеклашга, телефонингизни олиб қўйишга ва ҳ.ларга ҳаққи йўқ. Буларнинг барчаси — ўта жиддий жиноят: бундай ҳолатда полицияга мурожаат қилинг!
  • ўз ҳуқуқларингизни ва иш берувчининг мажбуриятларини билинг: фирма, ишлаб чиқариш ёки ташкилотга доимий ишга олинаётганингизда, иш берувчи Сизга меҳнат дафтарчасини расмийлаштириши керак. Сиз иш ҳаққингизни вақтида олиш ҳуқуқига эгасиз, таътил ва дам олиш кунларига ҳақлисиз, шунингдек, касаллик варақаси бўйича ҳақ тўлашлари ҳуқуқингиз бор.
ˆ